02/03/2012

Дадам айтиб берган даҳшатли ҳодиса

Урушдан кейинги йилларни эс-эс биламан. Онам арпа нон ёпган куни уйда байрам бўлиб кетар эди. Ота-онамиз, нон - табаррук, деб қайта-қайта қулоғимизга қуйишгани учунми, кейинчалик замон тўкинчилик бўлиб кетганидан кейин ҳам болалигимда ўрганган бир одатни ҳеч тарк этолмадим. Ерда нон бурдаси ётган бўлса, эҳтиётлаб кўтариб оласиз.
Аввал уч марта ўпасиз, пешанангизга босасиз, кейин озодароқ жойга олиб қўясиз. Нима бу? Шунчаки бош-кетининг тайини йўқ, асоссиз эътиқодми? Ё мавҳум ақидами? Шошманг, бу сўроқларга жавоб излашга шошилмайлик.
...Ўша, оғир йиллар эди. Ҳали мактабга қатнамасдим. Қирқ ямоқ бўлиб кетган дастурхонни ўртага қўйиб, нонушта қилиб ўтирардик. Ўша куни онам арпа нон ёпган, яъни уйимизда байрам эди. Бир маҳал дадам жеркиб қолди:


- Нимага нонни тескари қўясан?

Қарасам, дадам менга гапиряпти. Дамим ичимга тушиб кетди. У - биз болаларни ҳеч қачон уриб-сўкмас, аммо ҳаммамиз дадамдан қаттиқ ҳайиқар эдик.

- Кўзинг борми! - деди у янаям зардалироқ оҳангда. - Нега нонни тескари қўйдинг?

Дастурхонга қарадим. Ҳозиргина ўзим тишлаган нон бурдасини тўнкариб қўйган эканман. Шоша-пиша ўнгини ағдардим.

- Билмаган-да, адаси, - деди онам одатдагидек юпатиб. - Энди унақа қилмайди...

Дадам индамади. Бироқ анчагача қовоғини солиб ўтирди. Эртасими-индиними, бостирмада арра қайради. Мен аррани босиб турдим. Дадам эгов билан занглаб кетган арранинг тишларини чархларкан, даҳшатли воқеани гапириб берди. Ҳозир бу ҳодисани сўзма-сўз айтиб беролмайман.

Ўттиз учинчи йили (дадамнинг айтишича катта акам туғилмасидан аввалроқ) ёмон очарчилик бўпти. Баҳор экан. Дадам Паркат томонда турадиган («Паркат» Паркент эканини кейин тушунганман) ўртоғиникига борибди. У тоғларда очарчилик шаҳардагидан баттар экан. Одамлар равоч, исмалоқ излаб, тоғ-тошларни кезиб юрганини кўрибди. Шулар орасида сен тенги (дадам «сен тенги» дегани эсимда қолган, демак, у олти ёшларда бўлади) боласи билан бир одам ҳам исмалоқ излаб чиққан экан. Бола нуқул бир гапни қайтариб йиғлармиш. «Нон», «нон», «нон!» Отаси тажанг бўлиб «ўчир овозингни!» дермиш. Бола бўлса жим бўлиш ўрнига баттар бақирармиш «Нон!» Нон беринг, нон!» дермиш. Шунда бояги одам «ўчир овозингни, бадбахт!» деб мушт ўқталган экан, бола отасидан қочаман деб орқасига қалқиб кетибди. Аксига олиб, нарироқда тарвуздек тош ётган экан. Бола шўрлик орқага тисарилиб боши билан тошга урилибди-ю типирлаб жон берибди. Одамлар, «нима қилдинг, ярамас, болани ўлдирдинг-ку!» деса бояги одам бошига муштлаб йиғлабди, боласини қучоқлаб дод солибди. «Ўлдиринглар, мениям ўлдиринглар, қайтага яхши бўлди, болам бу азоблардан қутулди, уч кун олдин онаси очликдан ўлган эди, қабристонга оборишига одам тополмай ҳовлимга кўмгандик», депти.

Билмадим, эҳтимол бу ҳодисага кўпчилик ишонмас. Аммо бир нарса аниқ: дадам ҳеч қачон ёлғон гапирмаган... Тепки зарбидан қирралари силлиқланиб кетган, қора тупроққа беланган нонни кўтариб борарканман, беихтиёр шу ҳодисани эсладим. Кейин Ленинграддаги Пискарёв қабристонидаги воқеа ёдимга тушди.
Ушбу қабристонда қамал пайтида очликдан ўлган марҳумлар ётади. Бу ерда оқ мармар, қора мармар, кўк мармардан ўрнатилган хотира тошлари оз эмас. Қабристонни айланиб юриб, соч-соқоли оқариб кетган кекса киши билан ёши бир жойга бориб қолган аёлга кўзим тушди. Бу қабристонда зиёратчилар кўп бўлади. Бироқ айнан шу одамлар эсимда қолганининг боиси бор. Улар ҳеч қандай дабдабали мармартош ўрнатилмаган жажжи қабр бошидаги пастак ёғоч ҳарракда жимгина ўтиришар, қабр устида эса... бир бурда нон бўлаги ётар эди. Ҳайрон қолдим.
 Чол-кампир билан саломлашдик. Қабр устида нима учун нон ётганини сўрадим. Шунда чол-кампир аламли воқеани айтиб беришди.
Қамалда очликдан ўлган марҳумларни йиғиб олиш учун ҳам, кўмиш учун куч ҳам қолмаган. Мана шу чол-кампир (ўша пайтда ёш бўлишган) етти яшар қизчаларини етаклаб кетишаётганда, қизча қор босган кўча ўртасида ўлиб ётган одамнинг қўлида маҳкам чангаллаб ётган нонни кўриб қолган. Бола - барибир бола-да! Нонни кўриб ўша томонга югурган. Ота-онаси уни тутиб қолишолмаган. Қизча айни нонга етиб борганида душман отган снаряд ёрилгану...
...Уруш битди. ...Ўшандан буён ота-она бир бурда нон учун қурбон бўлган қизчанинг қабрига ҳар куни бир бурда нон олиб келишади... Бир бурда нон...
Инсон боласи хотирасиз яшай олмайди. Айниқса, мушкул дамлар одамзоднинг эсида узоқ сақланиб қолади. Қамалда бўлган одамлар ҳали ҳам ўша дамларни яхши эслашади. Тўққиз юз кун давом этган қамал... Нон ўрнига елим қайнатиб еган одамлар... Яқин кишиларининг очликдан силласи қуриб ўлаётганини кузатган, охири ўзи ҳам вафот этган қизча Танянинг кундалиги. Қирқ иккинчи йилнинг январ-феврал ойларида бир шаҳарнинг ўзида очликдан ҳалок бўлган 200 минг киши... Уруш бўлаётган жойлардан келтирилган 240 минг етим болага ўзи еб турган нонни егизган ўзбек халқининг мислсиз саховати... бу кунларни унутиб бўлармикин? Донишманд халқ «Эски чориғингни унутма», дегани бежиз эмасдир...
Чилонзорда нонни копток қилиб футбол ўйнаётган болаларни кўрганимда, шимининг қирраси чиқариб дазмолланган зиёлинамо киши менга дашном берганида, кўкраги семиз хотин мен «безорини» милицияга топширмоқчи бўлганида шуларни эсладим. 

Ўткир Ҳошимов ижодидан

1 comment:

  1. Ҳақиқатни майиб қилиш мумкин, аммо ўлдириб бўлмайди!

    ReplyDelete