02/03/2012

Ишониш қийин бўлган воқеа


Ишонмасдим. Бу воқеани ўз кўзим билан кўрмаганимда ишонмасдим. Эсимда, бундан бир неча йил илгари «Литературная газета»да худди шундай манзара тасвирланган мақола чиққан эди. Бироқ уни ўқиганимда шубҳалангандим. «Ўлибдими энди шунчаликка бориб етса», деган эдим. Ўзим кўрганимдан кейин ишондим. Йўқ, аввал ўз кўзимга ишонмай гарангсиб турдим-да, кейин...
Бу воқеа Чилонзорда бўлди. Ишдан қайтаётиб, темир гаражлар олдидаги майдончада футбол ўйнаётган болаларга кўзим тушди. Одатда, кун ботиш олдида ҳамма бола ҳам онасининг кўзини шамғалат қилиб, кўчага шаталоқ отиб қолади. Булар ҳам қий-чув қилиб ўйнашар эди. Бири - тўққиз-ўн ёшда, бири тикроқ... Терлаб кетишган, бақириб-чақириб югуришади. Начора, ҳамма бола ҳам ўйнайди, ҳамма бола ҳам қий-чув солади. Бироқ болалар тепаётган «копток»ни кўрдиму вужудим сирқираб кетди, ўз кўзимга ишонмай серрайиб туриб қолдим. Улар... ярим буханка нонни копток қилиб тепарди. Ўшанда қай аҳволга тушганимни идрок этолмайман. Гўё болалар менинг бошимни ўртага олиб тепаётганга ўхшаб кетди. Кейин нима қилганим, нима деганим аниқ эсимда йўқ. Болалар ҳар ёққа тирқираб қочиб кетишди. Тупроққа беланган нонни қўлимга олдим. Ноннинг суви қочган, аммо ҳали жудаям қотмаган, шунинг учун «копток» вазифасини ўтаганда майдаланиб кетмаган, фақат қирралари тепки зарбидан, думалайверганидан силлиқланиб кетган, қора тупроққа беланган эди.
- Нима гап, гражданин?
Бошимни кўтариб қарасам, рўпарамда юпқа гардишли кўзойнак таққан эллик ёшлардаги киши турибди! Нонни кўрсатдим:
- Футбол қилиб ўйнашяпти, қаранг.
Мен унинг ҳам «ёниб» кетишини кутган эдим. Қизиқ, кўзойнакли киши тутақмади.
- Яхшимас, гражданин, - деди бош чайқаб. - Болаларни нега кўрқитасиз!
- Ахир бу нон-ку! - дедим йиғламоқдан бери бўлиб. - Нон-ку!
Кўзойнакли киши бир қадар хижолат чеккандек бўлди. Аммо яна ўша гапини қайтарди:
- Қаранг, қўрқиб қочиб кетишди. Болада, ўйнаса ўйнабди. - У бир зум жимиб қолди-да, қўшиб қўйди: - Нон топилади. Боладан азиз бўптими?
 Унинг қирраси чиқариб дазмолланган шимига, юпқа кўзойнак ортидан таънали боқиб турган кўзига узоқ қараб қолдим.
Эҳтимол, бола - боладир. Аммо ёруғ дунёда шунча яшаган, турмушнинг паст-баландини кўрган бу одамга нима деса бўлади!
Индамай бурилиб кетаётган эдим, ёнбош томондаги баланд уйнинг иккинчи қаватидаги қайсидир дераза шарақ-шуруқ қилиб очилди. Шанғиллаган овоз келди:
 - Милиция чақириш керак! Ўн беш суткага қамаш керак, ёш болани кўрқитган безорини!
Гулдор халат кийган, кўкраги катта аёл деразадан қўлини чиқариб мени кўрсатар, борган сайин авжига чиқиб бобиллар эди.
Нонни қўлимда тутган кўйи кетавердим. Қизиқ, тап-пи таппидан узоққа тушмайди, деганлари шу эмасми? Боласининг «ҳуқуқини» ҳимоя қилаётган анави кўзойнакли киши билан тинимсиз шовқин солаётган манави хотин ўзи киму, фарзандига қанақа тарбия беради? Тупроққа беланган қўлбола «копток»ни кўтариб борарканман, хаёлимни бир-биридан маъюс фикрлар чулғаб олган эди.

Ўткир Ҳошимов  ижодидан

No comments:

Post a Comment