Ҳозирги кунда тилшуносликда "Когнитив лингвистика" фани жудаям урфга кирди. Бу фан замонавий тилшуносликда мустахкам ўрин эгаллаётган тилшуносликнинг энг долзарб йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу фан мен учун жудаям қизиқарли бўлгани учун, илмий ишимни шу фандан олганман. Диссертациямнинг мавзуси "Инглиз ва ўзбек тилларида ранг концептосфераси репрезентациянинг лингво-когнитив аспекти". Энди мен Сизларга кўпгина профессорларнинг бу фан ҳақида фикрларини маълумот берсам.
Когнитив сўзи инглизча “cognize– билмоқ, англамоқ, тушунмоқ” дан олинган бўлиб, бу соҳа фақат фалсафадаги билиш назарияси билан чекланмай, балки тилни тафаккур (онг) билан боғлаб, унинг ҳосил бўлишидаги психологик, биологик ва нейрофизиологик жиҳатларнинг ижтимоий, маданий ва лисоний ҳодисалар билан узвий алоқасини чуқур илмий тадқиқ этади. Когнитив тилшунослик бу жиҳатдан психолингвистика, антрополингвистика, этнолингвистика, социолингвистика каби турли соҳалар билан боғланади.
Ш.Сафаровнинг фикрича, когнитив тилшуносликнинг вазифаси тил ёрдамида билим олиш ва сақлаш, тилни амалда қўллаш ҳамда узатиш, умуман, тил тизими ва таркибини инсон миясидаги инъикоси сифатида тафаккур билан боғлаб, чуқур илмий тадқиқ этишдир.
А.Абдуазизовнинг таъкидлашича, нутқнинг ҳосил бўлиши, узатилиши, хотирада онгли сақланиши каби мураккаб ҳодисаларнинг маркази мия нейронлари орқали амалга оширилади. Тилдаги турли бирликларнинг шакл ва мазмунини фарқлаб, турлича тушунча, концептлар, фреймлар ёрдамида миллий-маданий ва ижтимоий хусусиятларни ҳар бир халқ ёки этнос учун ўзига хослигини аниқлашда фонологик воситалар катта хизмат қилади. Инсон тили “товушли, овозли” бўлиб, у мазмунни ҳосил қилишда буюк аҳамиятга эгалигини когнитив фонетика ва фонологияда ўрганилиши сабабли уни когнитив тилшуносликнинг асосий таркибий қисми эканлигини эътироф этиш лозим.
Инсоннинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабати тилнинг когнитив назариясининг амалда қўлланиши билан узвий боғлиқдир. Зотан, биз йиллар давомида ҳосил бўлган ҳаёт тажрибамиз, билим ва кўникмаларимиз асосида воқеликдаги у ёки бу тарзда мавжуд бўлган нарса-предметлар, воқеалар, ҳодисалар ҳақида фикрлай оламиз ва ана шунга таянган ҳолда ўзаро сўзлашув жараёнида нутқимиз бекаму кўстлигига эришамиз.
Маълумки, билиш фаолияти инсоннинг воқеликни бевосита сезиши, ҳис этиши билан бошланади. Сезги идроки тафаккурда воқеликнинг ушбу парчаси рамзининг шаклланиши учун замин тайёрлайди. Воқелик идроки жараёнида билиш фаолияти ижрочиси – субъекти ва ушбу фаолият объектини ўзига хос ўзаро қарама-қаршилигига асосланган субъект-объект муносабати юзага келади. Билиш фаолиятининг барча босқичлари худди шу муносабат асосида кечади.
Ҳозирги замон тилшунослигида когнитив йўналиш лексик-семантик сатҳдаги таҳлиллар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унга кўра тил умумий когнитив механизм бўлиши билан бирга, когнитив қурол тарзида ахборотнинг тақдимотини, код ёрдамида узатиш ва ўзгартириш вазифасини бажарувчи белгилар тизими ҳамдир.
Когнитив тилшуносликда инсонга хос бўлган когнитив тузилма ва усуллар ёрдамида ахборотни тўла эгаллаб олиш механизмлари ўрганилади. Зеро, интенсивликни ифодаловчи сўзлар ҳам борлиқ ҳақидаги билим ва тасаввурларни ифода этишга хизмат қилади.
Сўз маъносини англашда фақат унинг семантик тузилмасини билишимиз камлик қилади. Биз муайян тилда сўзлашувчи одамларнинг тафаккур хусусиятлари, фикрлаш тарзлари ва дунёни тил унсурлари ёрдамида билиш хусусиятларидан ҳам хабардор бўлишимиз лозим. Чунки мазкур вазифаларни сўзларнинг соф лингвистик таҳлилига юклаш қийин. Бу эса тил ҳодисасининг табиатини, моҳиятини чуқурроқ тушуниш учун унда сўзлашувчининг борлиқни билиши ва уни онгида “пишириб”, ўз тилида (нутқида) тингловчига бекам-кўст узатиши билан боғлиқ масалаларни ҳам тадқиқотларимиз кун тартибига қўйишни талаб қилмоқда.
Маълумки, инсон моддий оламда яшар экан, у ўз атрофидаги борлиққа (нарса-ҳодисаларга, ўсимлик ва ҳайвонларга) ўз муносабатини билдиради. Масалан, ҳайвонлар ва қушларга хос ижобий, салбий хусусиятлар инсонга, унинг турмуши, одоб-ахлоқи ва ҳолатига тил ёрдамида ўхшатилади, кўчирилади ёки метафоризация қилинади. Бу ҳолатлар образли бўлганлиги учун инсон ҳиссиётига кучли таъсир қилади ва унинг онгида муҳрланиб қолади. Бу тарздаги тил талқини масалага когнитив аспектда ёндашувни акс эттиради.
Профессор Д.Ашурова ўз мақоласида когнитив тилшуносликнинг мақсад ва вазифалари, ўз ечимини кутаётган долзарб масалаларни кўрсатиб ўтади. Жумладан, ҳозирги даврда шаклланиб бораётган когнитив тилшуносликнинг когнитив фонология, когнитив грамматика, когнитив лексикология, когнитив семантика каби янги йўналишлари вужудга келганлиги таъкидланади. Когнитив ёндашув асосида сўз туркумлари, тил бирликларининг категорияларга бўлиниши ва концептуализациялашуви, тил ва дунёни билиш каби тушунчалар янгича талқинларга эга бўлади. Когнитив тилшуносликнинг асосий тушунчалари тизимидан фрейм, сценарий, скрипт, категориялаштириш, концепт, концептуализация, когнитив структура, когнитив метафора кабилар ўрин олмоқда. Мазкур йўналишнинг асосий тадқиқ методларига фреймлар асосида таҳлил қилиш, моделлаштириш (когнитив харитасини яратиш), концептуал таҳлил сингарилар киради.
Юқоридагилар билан бир қаторда яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, бугунги тилшунослигимизда фрейм, скрипт, сценарий, гештальт каби оралиқ тил бирликларини ўрганишга эътибор ортиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби когнитив тилшунослик муаммоларининг тадқиқотларимиз мундарижасидан ўзига муносиб ўрин олганлигидадир.
Когнитив тилшуносликнинг таянч тушунчаларидан бири – бу концептдир. Бу атама ХХ асрнинг 90 йилларига келиб кенг қўлланила бошлади. Концепт сўзи аслида лотинча conceptus бўлиб, “тушунча” маъносини ифодалайди. Ҳозир ҳам кўпинча “концепт” терминидан “тушунча”сўзининг синоними сифатида фойдаланилмоқда. Шунингдек, концепт термини математик логика, маданиятшунослик, психология каби фанларда ҳам фаол қўлланилмоқда.
Е.С.Кубрякова таъкидлаганидек, “концепт” термини тафаккур, англаш, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш каби муаммолар билан шуғулланувчи когнитив психология ҳамда когнитив тилшунослик, лингвокультурология фанлари учун “соябон” вазифасини ўтайди .
Тил инсон онгида концептни ифодаловчи ва шакллантирувчи воситалардан биридир. Концепт инсон ақлий дунёсидаги маданиятнинг асосий ячейкасидир. Концептлар инсон онгида нафақат сўзнинг луғавий маънолари асосида, балки шахсий ҳамда бутун бир халқнинг маданий-тарихий тажрибасидан келиб чиқиб пайдо бўлади. Тажриба қанча бой бўлса, концептнинг чегараси шунчалик кенг бўлади. Айнан шундай ҳолатда концепт ўзини ҳар томонлама намоён эта олади. Зотан, концепт дунёни билиш ва у ҳақда ўз тасаввурига эга бўлиш демакдир.
Интенсивликнинг концептуализациялашуви тил жараёни бўлиб, унда тил бирликлари маъно жиҳатдан қайта ишланади. Интенсификатор ҳам сўзга нисбатан қўлланади, натижада ўша сўзнинг концептига алоқадор бўлади.
Концептлар халқнинг онгида жамоа мероси сифатида, унинг маънавий мулки, маданияти сифатида намоён бўлади. Айнан жамоа онги (фикри) концептнинг яшовчанлигини таъминловчи муҳим воситалардан бири саналади.
Оддий тушунча ва концепт ўзининг фарқли ҳамда ўхшаш томонларига эга. Тушунча моддий борлиқдаги нарса-ҳодисаларнинг энг муҳим белгиларини ифодаласа, концепт уларнинг юзаки (ўта муҳим бўлмаган) томонларини ҳам ифодалай олади. Тушунча сўз орқали ифодаланади. Лекин тушунча ва сўз айнан бир нарса эмас. Тушунча бирор бир синфга кирувчи предметларни умумлаштириш ва бу предметнинг умумий ва фарқловчи белгилари мажмуаси асосида шаклланади. Бир умумий тушунча турли тилларда турли сўзлар орқали ифодаланади. Масалан, инглиз тилида – water, немис тилида wasser, ўзбек тилида сув, рус тилида водакаби. Ушбу мисоллар сўз маъноси ва тушунчанинг бир-бири билан зич алоқада эканлигини кўрсатади. Шу сабабли турли миллатлар тилларидаги сўзлар ўз маъносига кўра бир-бирига қисман ёки айнан мос келиши мумкин. Шунингдек, сўз тушунчанинг ифодаловчиси ҳисобланади ва шу асосда бир тилдан иккинчи тилга таржима қилиш имконияти туғилади. Баъзи олимлар тушунча ва сўз маъносининг бир-бирига мос келишини таъкидлайдилар ҳамда шу асосда тушунча ва сўз маъносини моҳиятан бир нарса деб қарайдила. Бу масала мунозаралигича қолмоқда. Тушунча ва сўз маъносининг бирлиги нимада кўринади, деган савол туғилиши мумкин. Ҳар иккаласи ҳам бир хил предмет ёки ҳодисани ифодалайди, умумлаштиради. Бу тарзда уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Тушунча сўз ва унинг маъносисиз мавжуд бўлмайди ва, аксинча, сўз тушунчанинг, фикрнинг ифодаловчиси ҳисобланади. Сўз маъноси тил категорияси, тушунча эса тафаккур категорияси бўлиши сабабли улар бир-биридан фарқ қилади.
Маълумки, тафаккур қонунлари объектив олам билан боғлиқ. Тушунча мазмуни миллатга боғлиқ эмас, у умуминсоний характерга эга.Шунинг учун ҳам турли миллат вакиллари бир-бирларини осон тушунади, фикр алмаша олади.Сўз эса миллий характерга эга бўлиб, мазкур халқ тилининг ўзига ҳос қонун-қоидалари асосида шаклланади.Шу боис ҳам бир сўзнинг маъноси бошқа тилдаги сўз маъноси билан ҳар доим ҳам мос келавермайди. Б.Исмоилов ўз тадқиқотида рус тилидаги “стол” тушунчаси инглиз ва рус кишиси учун бир хил бўлса-да, уни лексик маъносига кўра инглиз тилидаги “table” сўзи билан бир хил маънода қўллаб бўлмаслигини тўғри таъкидлайди. Луғавий маъносига кўра концепт ва тушунча бир-бирига умуман яқин, лекин концепт тушунчага нисбатан кенг кўламга эга. Масалан “стол” сўзининг маъносини тушунтиришда биз “тўрт оёқли, уст қисми силлиқ, ёзиш ёки овқатланиш учун фойдаланиладиган мебел тури” деб изоҳлаймиз. Тушунчада столнинг энг муҳим томонлари акс этади, холос. Концепт лингвистик категория сифатида тушунча категориясини тил тизимида намоён этувчисидир.
Академик И.И.Мешчанинов тушунча категориясига ойдинлик киритади. Унинг фикрича, тилда ифодаланаётган ҳар қандай нарсани тушунча категорияси деб бўлмайди. Тушунча категориялари тилнинг турли сатҳларида, турли воситалар орқали ифодаланиш имкониятига эга бўлган тушунчалардир.
И.И.Мешчаниновнинг тушунча категорияси ғояси асосида кейинчалик тилшуносликда “мазмуний майдон”, “функционал-семантик майдон”, “парадигматик ёки синтагматик майдон”, “лексик-семантик майдон”, “лексик-семантик гуруҳ”, “микромайдон”, “макромайдон” каби тушунчалар вужудга келди.
Концепт тил воситалари, лексик-семантик парадигмалар орқали намоён бўлади, яъни концептнинг умумий мазмунини бир марказга бирлашган семантик майдон ҳосил қилувчи лексик бирликлар ташкил этади. Бу майдонга кирувчи лексик бирликлар маъносига кўра бир-бири билан узвий алоқада бўлади.
Хуллас, концепттушунчаси ўзида мантиқшунослик, психология, тилшунослик ва билиш назарияси фанларининг ўзаро боғлиқлиги, ҳамкорлигини акс эттиради. Аниқроғи, концепт кўп қиррали, интегратив, яъни логик – лингвистик – гносеологик термин ҳамдир. Концепт тафаккур бирлиги ҳисобланиб, унинг асосида тушунча, маъно ва образ ётади ҳамда у билим умумлашмаси ёки “кванти” деб аталади. Уюксак даражадаги мазмуний умумийликка эга.
Зафар Арслонов
No comments:
Post a Comment